Ўзбекистондаги илк АЭСнинг қурилиш жойи сифатида Жиззах вилоятига тегишли бўлган Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги Тузкон кўли яқинидаги ҳудуд танлаб олинди. Бу ҳақда «Ўзатом» матбуот хизмати томонидан хабар бериб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерацияси ўртасида Ўзбекистон ҳудудида Атом электр станцияси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва мазкур ҳамкорлик доирасидаги «Йўл харитаси» да белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида, 2018 йилнинг августидан шу йилнинг март ойига қадар АЭС қурилиши учун ажратилган таҳминий майдонларда муҳандислик-тадқиқот ишларининг биринчи босқичи амалга оширилди. Хусусан, мазкур йўналишдаги ишлар Навоий ва Бухоро вилоятларининг Тўдакул сув омбори яқинидаги 4 та, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида жойлашган 3 та майдонда олиб борилди.