CENTER FOR ECONOMIC RESEARCH

Бухоро вилоятининг 2022 йил январь-сентябрь ойларидаги истеъмол нархлари индекси ва инфляция даражаси таҳлили

Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёнинг кўплаб мамлакатларида йиллик инфляциянинг ошиши жуда тезлашган. Хусусан, Европа мамлакатларида жорий йил сентябрь ойида ёқилғи-энергетика маҳсулотлари нархи йиллик ҳисобда қарийб 41 %га, озиқ-овқат маҳсулотлари қарийб 12%га ошган.

Кузатилаётган инфляцион босим таъсирида қўшни давлатларда жорий йилнинг январь-август ойларида:

  • ун ва дон маҳсулотларининг нархи 1,2 баробаргача (Россия Федерациясида 11%, Қозоғистон Республикасида 24%, Қирғизистон Республикасида 21%);
  • ўсимлик ёғи нархи 11%гача (Россияда – 11%, Қозоғистонда – 11% ва Қирғизистонда – 9%);
  • пиёз маҳсулоти нархи 1,8 баробаргача (Россияда 33%, Қозоғистонда 47%, Қирғизистонда 83%);
  • гўшт нархи қарийб 15%гача (Россияда – 13%, Қозоғистонда – 15%, Қирғизистонда – 10%)га ошганлиги кўзатилади.

Умуман олганда, олдинги йиллардаги кўрсаткичлар, шу жумладан мавсумий омиллар, шунингдек, дунёдаги жорий вазият ва ички бозорда кутилаётган тенденциялар ички истеъмол бозорлари индексига таъсир ўтказмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида (ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан) Бухоро вилояти бўйича ўртача инфляция кўрсаткичи 7,8%ни (республика кўрсаткичи 8,1% ёки 0,3 пункт кам) ташкил этди. Шундан,

  • озиқ-овқат маҳсулотлари 9,0% (республика кўрсаткичи 10,0% ёки 1,0 пункт кам);
  • ноозиқ-овқат маҳсулотлари 8,2% (республика кўрсаткичи 7,9% ёки 0,3 пункт кўп);
  • хизматлар кўрсатиш 4,9% (республика кўрсаткичи 4,8 % ёки 0,1 пункт кўп)ни ташкил этди.

Бунда энг юқори ўсиш дам олиш, спорт ва маданият хизматлари 16,5%га, ресторан ва меҳмонхоналар хизматлари 14,9%га, маиший товарлар ва хизматлар, ижтимоий ва турли товарлар ҳамда бошқа хизматлар 14,0%гауй рузғор асбоблари, маиший техника ва турар жойларга кундалик хизматлар кўрсатиш 8,4%га ва соғлиқни сақлаш хизматлари 8,3%га ошган.

Шу билан бирга, ўтган даврда вилоятда айрим озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошган. Жумладан:

  • пиёз – 73,2(республикада ўртача 74,9%)га;
  • шакар – 55,5% (республикада - 53,8%)га;
  • буханка нони – 51,7(республикада - 51,0%)га;
  • буғдой уни – 40,5% (республикада - 40,7%)га;
  • барча навдаги гуруч – 15,9% (республикада – 19,2%)га;
  • ўсимлик ёғи – 11,9(республикада - 13,2%)га;
  • пахта ёғи – 9,7% (республикада - 11,0%)га ошган.

Ўз навбатида, ушбу даврда ўтган йилнинг декабрига нисбатан картошка нархи 17,9%га арзонлашганлигини кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, шу йилнинг сентябр ойида ўтган ойга нисбатан истеъмол нархлари индекси 1,0%га, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,6%га ва хизматлар 0,7%га ўсиши кўзатилган.

Жумладан, картошка нархи 2,6%га, барча турдаги гуруч 1,9%га, мол гўшти 1,8%га, шакар 1,8%га, тухум 1,7%га, қуй гўшти 1,6%га ва кунгабоқар ёғи 1,4%га юқори ўсиш даражаси кузатилган бўлса, пиёз нархи 7,6%га ва сабзи маҳсулоти 1,1%га арзонлашган.

Таъкидлаш жоизки, прогноз параметрларига кўра жорий йил якунига қадар инфляция даражаси 12,0%гача бўлиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу инфляцион ҳолатдан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимлик органлари аҳоли эҳтиёжи учун етишмайдиган асосий истеъмол товарлари, айниқса, картошка, пиёз, ўсимлик ва пахта ёғи, шакар ва гуруч маҳсулотлари, зарур ҳолларда хусусий секторни жалб қилган ҳолда муқобил бозорлардан импорт қилиш орқали кафолатли таъминлаш ҳамда инфляцияни ушлаб туриш юзасидан зарурий чораларни кўриш лозим ҳисобланади.

Нурмуродов Камолиддин
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Самарқанд филиали шўъба мудири

...