CENTER FOR ECONOMIC RESEARCH

Андижон вилоятининг 2022 йил дастлабки 9 ой якунлари бўйича макроиқтисодий кўрсаткичлари

2022 йилнинг III чорак якунларига кўра, Андижон вилояти бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми (жорий нархларда) 37065,6 млрд. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,2%га ўсиш қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси ЯИМни шакллантиришда Андижон вилоятининг қўшган ҳиссаси 5,9%ни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ЯҲМ 11304,3 минг сўмни ташкил этиб, унинг ўсиш суръати (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан7%га етди.

Вилоятда дастлабки 9 ой давомида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 35945,3 млрд. сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан нисбатан 25%га ўсиш кузатилган. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг республика саноатидаги улуши 9,2%ни ташкил қилган.

Андижон вилоятда 26991,1 млрд. сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилган бўлиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 59%ни ташкил этди. Республика истеъмол товарларида вилоятнинг улуши эса 19,6%ни ташкил қилган.

Вилоятда 24807,8 млрд. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 4%га ошган.

Вилоятда ташкил этилган қурилиш ишлари ҳажми 4899,1 млрд. сўмга етиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 7%га ошган. Вилоятда қурилиш ишлари ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 5,2%ни ташкил қилган.

Вилоятда чакана савдо ҳажми 14665,7 млрд. сўмни ташкил етиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 10%га ошган.

Андижон вилоятида кўрсатилган хизматлар ҳажми 12640,5 млрд. сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 12%га ўсган. Вилоятнинг республика кўрсатгичига қўшган ҳиссаси 5% ни ташкил этади.

Андижон вилояти бўйича асосий капиталга инвестицияларнинг ўтган 9 ой давомида ўсиш суръати 15%, республика кўрсатгичига қўшган ҳиссаси эса 5,1%ни ташкил қилиб, уларнинг ҳажми 9737,6 млрд. сўмни ташкил қилган.

Вилоят ҳудудида жорий йилда 7111 та янги кичик бизнес субектлари (КБС) ташкил этилиб, бу кўрсатгич ўтган йилги жами янги ташкил этилган кичик бизнес субектларининг 92,5% ташкил қилмоқда. Шунингдек янги ташкил этилган КБСлар сони Республика улушида 10,8%ни эгалламоқда.

Ташқи савдо айланмаси ҳажми 3171,8 млн. АҚШ долларни ташкил қилган ҳолда, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 46%га ўсган. Вилоят ташқи савдо айланмасининг республика жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 8,8%ни ташкил қилган.

2022 йилнинг январ-сентябр ойларида амалга оширилган экспорт ҳажми 863,4 млн. АҚШ долларни ташкил қилиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 37%га, импорт ҳажми эса 2308,4 млн. АҚШ долларни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 50%га ошган. Вилоят экспорт ва импорт ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши мос равишда 6,1% ва 10,5%ни ташкил қилган.

Акбарали Абдурахмонов
Наманган филиали етакчи илмий ходими

...