Дастлаб Иқтисодий тадқиқотлар маркази 1999-йил апрел ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодий тадқиқотлар марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши асосида ташкил этилган. Марказ БМТТД, Жаҳон банки ва Германия техник ҳамкорлик жамияти (GTZ) ташаббуси билан БМТТДнинг макроиқтисодий таҳлил ва кадрлар тайёрлаш бўйича лойиҳаси негизида ташкил этилган. БМТТДдан ташқари, Марказ Жаҳон банки, ОТБ, USAID, JICA, DFID, Евроосиё жамғармаси каби халқаро техник ёрдам ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларда фаол иштирок этган.
Трансформациягача бўлган тарих
1999-йилда ИТТМ олдига қўйилган дастлабки вазифалар доираси жуда кенг эди – Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар жараёнини ўрганиш, иқтисодиётни янада либераллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, замонавий макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш. Марказ томонидан ишлаб чиқилган кўплаб ишланмалар мамлакатни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшган.
Марказ олдига қўйилган муҳим вазифалардан бири – малакали иқтисодчиларни тайёрлаш бўлиб, бу БМТТД лойиҳасининг мақсади ҳам эди. Ўтган йиллар мобайнида Марказда ва унинг журналида кўплаб ёш иқтисодчилар ва иқтисодий мавзуларда ёзувчи журналистлар фаолият юритган, кўплаб миллий экспертлар Марказ тадқиқотларида иштирок этган. Ушбу миссия бажарилгач, БМТТД лойиҳаси 2016-йилда якунланган.
Марказ томонидан ахборот-таҳлилий шарҳлар ва ҳисоботлар, хорижий матбуотдаги иқтисодий нашрлар дайжестлари, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши ва инсон тараққиёти тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар, “Ўзбекистон алманахи” статистик тўплами, “Ўзбекистон иқтисодиёти” ахборот-таҳлилий бюллетени нашр этилган. 2015-йилдан бошлаб ҳар ойда “Бизнес фаоллиги индекси”, жорий йил июн ойидан эса – “Ҳудудлар бизнес фаоллиги индекси” эълон қилинмоқда. Бироқ Марказнинг асосий нашри бу – “Иқтисодий шарҳ” журнали бўлиб, у 1999-йилдан бошлаб БМТТД лойиҳаси доирасида нашр этила бошланган ва 20 йил давомида Ўзбекистоннинг етакчи таҳлилий нашри бўлиб келмоқда.
ИТТМ халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 2007-йилдан буён АҚШдаги Пенсилвания университети томонидан ҳар йили эълон қилинадиган энг нуфузли рейтинг – “Global Go To Think Tank Index Report”га киритилган. ИТТМ 2012-йилда Осиёдаги энг яхши 20 таҳлилий марказ қаторига киритилди ва ўшандан буён ўз позициясини мустаҳкамлаб бормоқда. Марказ 2016-йил натижаларига кўра Марказий Осиё минтақаси таҳлилий марказлари рейтингида 13-ўринни, 2017-йилда – 12-ўринни, 2018-йилда эса “Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси” номинациясида 11-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, 2018-йилда ИТТМ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иқтисодий таҳлилий марказлари консорциуми таъсисчилари таркибига киритилди.
Трансформация
Иқтисодий тадқиқотлар маркази ташкил этилганига йигирма йилдан ортиқ вақт ўтди. Марказ яратилган пайтда режалаштирилган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни кечаётган, бозор шароитида иқтисодиётни бошқариш бўйича давлат институтлари эндигина шаклланаётган эди. Орадан йиллар ўтиб, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида кўплаб ўзгаришлар рўй берди. Иқтисодий бошқарув соҳасида катта кадрлар салоҳияти шакллантирилди. Хусусий сектор иқтисодиётда муҳим ўрин эгалламоқда.
2017-йилдан бошлаб Ўзбекистонда янги ислоҳотлар даври бошланди. У давлат ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларида чуқур ва кенг қамровли ўзгаришлар билан тавсифланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017–2021-йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.
Иқтисодий соҳада рақобатбардошликни ошириш, иқтисодиётни диверсификациялаш ва рақамлаштириш бўйича янги вазифалар қўйилди. Ижтимоий соҳада Ўзбекистон ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳига ўтмоқда. Яъни иқтисодий вазифалар ва ижтимоий йўналишлар доираси анча кенгайди. Уларни чуқур таҳлилий жиҳатдан ишлаб чиқиш учун Марказ фаолиятини кенгайтириш ва ресурс салоҳиятини кучайтириш зарур бўлди.
Ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларнинг сифати, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги, тадқиқотларни ислоҳотларнинг устувор йўналишларини рўёбга чиқаришга йўналтириш ва улар асосида ижтимоий-иқтисодий сиёсат чораларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ролини ошириш мақсадида 2019-йил 3-октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4471-сонли “Иқтисодий тадқиқотлар сифатини ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори https://lex.uz/ru/docs/4552322 қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ Иқтисодий тадқиқотлар маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига (ИТТИМ) айлантирилди.
Янги йўналишлар
Марказнинг асосий фаолият йўналишлари сезиларли даражада кенгайтирилишидан ташқари, унга қатор соҳаларда мувофиқлаштирувчи вазифалар ҳам юклатилган.
ИТТИМга давлат идоралари ва ташкилотлари, таҳлилий ва илмий марказлар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти вакиллари, экспертлар жамоаси ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасида самарали соҳаларо ва идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида марказ негизида “OPEN SPACE” тамойилига асосланган очиқ инновацион платформа ташкил этиш топширилган. Бу платформа доирасида махсус интернет-портал очилиб, давлат органлари билан жамоатчилик ва илмий доиралар ўртасида ўзаро мулоқот, ижтимоий сўровномалар ўтказиш, давлат ва жамият ўртасида “feedback” механизмларини жорий этиш ҳамда иқтисодий-ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш имкониятлари яратилади.
Олиб борилаётган иқтисодий сиёсатда энг долзарб муаммоларни аниқлаш, уларга ресурсларни сафарбар қилиш ва уларга эътиборни жамлаш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу жараённи ташкил этиш учун Президент Администрацияси ҳузурида Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори ташкил этилиши ва Марказ тузилмасида ушбу акселераторнинг ишчи органи ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу тузилманинг асосий мақсади – ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги долзарб муаммоларни тезкор ва самарали ҳал қилиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг ресурсларини сафарбар қилишдир.
Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат Акселератори тажрибаси асосида 2019-йил 3–8-ноябр кунлари ИТТИМ делегацияси БААга ташриф буюрди. ИТТИМ ходимлари “Government Accelerators Training Workshop” тренингида иштирок этди.
Акселератор фаолияти доирасида ҳар чоракда соҳаларо ва идоралараро ечимни талаб қиладиган муаммолар рўйхати тузилади. Бу рўйхат ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини мониторинг қилиш, ИТТИМ тадқиқотлари, вазирлик ва идораларнинг таклифлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги материаллар асосида шакллантирилади. Президент Администрациясининг бўлимлари билан келишилган ҳолда мазкур муаммолар оммавий ахборот воситаларида ва ИТТИМ расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Бундан ташқари, ИТТИМга 2019–2021-йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида тузилмавий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари бўйича “йўл харитаси”ни амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш ҳузуридаги Халқаро экспертлар гуруҳи фаолиятини ташкил этиш вазифаси ҳам юклатилган.
Марказнинг оммавий ахборот воситаларидаги фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Бу фаолият орқали олиб борилган тадқиқотлар натижалари кенг аудиторияга етказилади ва долзарб масалалар ОАВда очиқ муҳокама қилинади. Марказ ўзининг асосий нашри – “Иқтисодий шарҳ” журналини ҳар ойда нашр этишда давом этмоқда. Унда иқтисодий ва ижтимоий соҳа мутахассисларининг мақолалари чоп этилади. Ўтган йили журнал 20 йиллигини нишонлади. Электрон версияси – REVIEW.UZ сайти ўз таҳлилий нашрлари доирасини кенгайтирди. Марказ ходимларининг илмий мақолалари ва шарҳлари мамлакатимиз ва хорижий ОАВда мунтазам эълон қилинмоқда. Марказ раҳбарияти ва ходимлари матбуот клуби кўрсатувларида, босма ва электрон ОАВда таҳлилий баҳолар билан иштирок этмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ҳудудий филиаллари
Ўзбекистоннинг етакчи “мия марказлари”дан бири ҳисобланган ИТТИМ тарихи давомида яна бир муҳим воқеа – Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳудудий филиалларнинг очилиши бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 13-августдаги ПҚ-5223-сонли “Иқтисодий тадқиқотлар сифатини ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ролини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига https://lex.uz/ru/docs/5576378 мувофиқ ИТТИМ зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди.
Ушбу қарор мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, илмий асосланган инновацион ёндашувлар асосида 2022–2026-йиллар учун ҳудудлар, тармоқлар ва соҳалар бўйича ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида қабул қилинган.
Қўшимча вазифалар доирасида жойлардаги давлат бошқаруви органларини илмий асосланган таклиф ва тавсиялар билан мунтазам таъминлаш белгиланган.
Марказ тадқиқотлари мавжуд ресурс базасини ўрганиш асосида иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш занжирларини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳар чоракда аҳоли ўртасида туман кесимида сўровлар ўтказилади.
Марказ Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви жараёнларининг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганишни давом эттиради ва тегишли давлат органларига илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тақдим этади.
ИТТИМ саноат кластерларини ривожлантириш бўйича илғор халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш асосида ваколатли идораларга илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Янги сифат босқичи
Бугунги кунда Марказ фаолияти мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, 2020-йилда ИТТИМ Марказий Осиё ва Кавказдаги энг яхши 10 та “мия марказлари” қаторига киритилди ва 2016-йилдаги 13-ўриндан уч поғона юқорилади.
Якунда таъкидлаш жоизки, бугунги дунё рақамли даврга кириб бормоқда. Бу эса технологик ва иқтисодий жиҳатдан тайёр бўлмаган давлатлар учун жиддий чақириқдир. Глобал иқтисодий рақобат кескинлашмоқда. Бундай шароитда мамлакатларнинг иқтисодий рақобатбардошлиги муваффақиятли ривожланишнинг муҳим омилига айланмоқда. Бу эса фақат ресурсларга эмас, балки иқтисодий сиёсатга, стратегияга – мавжуд устунликларни кучайтиришга, меҳнат унумдорлигини оширишга ва иқтисодиётни юқори технологияли даражаларга олиб чиқишга боғлиқдир. Бу эса халқаро меҳнат тақсимотида юқори қўшилган қиймат яратиш имконини беради.
Айнан шундай сиёсатни ишлаб чиқиш, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва глобал ўзгарувчан дунё иқтисодий муаммоларига қарши тура олиш нуқтаи назаридан ҳозирги иқтисодий қарорларни чуқур таҳлил қилиш – бу иқтисодий таҳлилчилар, таҳлилий марказлар, хусусан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази олдида турган катта масъулият ва чақириқдир.