Сайт ҳозирда тест режимида ишламоқда.
Тадбирлар

«Наманган тажрибаси» асосида ҳудудлар билан ишлашнинг янги тизими жорий этилмоқда (+видео)

Наманганда ҳудудларни илм-фан ва таҳлил асосида ривожлантиришга қаратилган янги тизим жорий этилмоқда. 14 та «ақл маркази» иштирокида шаҳар ва туманлар кесимида 126 та долзарб масала аниқланиб, қўшимча захира ва имкониятларни ишга солиш бўйича «йўл хариталари» тасдиқланди.

«Наманган тажрибаси» асосида ҳудудлар билан ишлашнинг янги тизими жорий этилмоқда (+видео)

Давлат раҳбарининг жорий йил 23 июнь куни Наманган вилоятига ташрифи давомида «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 25 июнь куни вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, солиқ бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан қўшма қарор қабул қилиниб, мазкур йўналишдаги ишларни мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди. Шунга мувофиқ, барча шаҳар ва туманларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Айни пайтда ҳудудларда яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган амалий тадбирлар изчил олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудлар билан ишлашнинг илм-фан ва инновацияларга асосланган мутлақо янги тизими жорий этилмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг XXIV сессиясида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида қўшимча захиралар ҳамда иқтисодий салоҳиятни сафарбар этишга қаратилган «йўл хариталари» расман тасдиқланди.

Сессия ишини халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси С. Муминов олиб борди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Обид Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, республика вазирлик ва идораларининг масъул раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сессияда Давлат раҳбарининг Наманганга ташрифи давомида берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга илм-фан, инновациялар ва илмий асосланган ёндашувларга таянган ҳолда эришиш зарурлиги таъкидланди. Шу асосда ҳудудлар билан ишлашга илмий ёндашувни олиб кириш бўйича мутлақо янги тизимни жорий қилиш белгиланди.

Бу борада Наманган тажрибаси сифатида барча шаҳар ва туманларга республикадан 14 та «ақл маркази» бириктирилди.

Ушбу марказлар томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 126 та масала аниқланди. Шундан саноат корхоналари фаолиятини тиклаш бўйича 39 та, хизматлар соҳасини ривожлантириш йўналишида 35 та, ижтимоий соҳага оид 21 та, қишлоқ хўжалигида 18 та, йўл инфратузилмасида 10 та ҳамда бошқа йўналишларда 3 та масала белгиланди.

Аниқланган масалалар асосида қўшимча захира ҳамда имкониятларни сафарбар этиш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилди.

Шунингдек, бундан буён доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Наманган вилоятига «ақл маркази» сифатида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси бириктирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Обид Ҳакимов «Наманган тажрибаси» сифатида амалга оширилаётган ушбу тизимнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

Сессияда Наманган шаҳри ҳамда туманлар ҳокимлари бириктирилган «ақл марказлари» билан ҳамкорликда қўшимча захира ҳамда имкониятларни сафарбар этиш бўйича ишлаб чиқилган «йўл хариталари» юзасидан ҳисобот бердилар.

Музокаралар давомида ҳар бир йўналиш ва объект бўйича мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари атрофлича таҳлил қилинди. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Бу борада масъуллар ва депутатларнинг таклифлари тингланди.

Сессия якунида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

«Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Фазлиддин Насриддинов Наманган вилояти туманларига бириктирилган 14 та таҳлилий марказ иштирокида «маҳаллаилмий-тадқиқот марказиҳокимият» тамойили асосида илмий маълумотларга таянган янги иш тизими жорий этилаётгани ҳақида сўзлаб берди.

"Иқтисодий диагностика, сўровномалар ва тезкор маълумотларни йиғиш ишлари амалга оширилди ва шу асосда таҳлил ўтказилди. Таҳлилий марказлар томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида асосий самара ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш орқали таъминланиши аниқланди. Шунингдек, Наманган вилояти туризм соҳасида жуда юқори иқтисодий салоҳиятга эга эканини биламиз. Шу муносабат билан 2030 йилгача туризмни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. Айтиш мумкинки, Наманган тажрибаси бошқа ҳудудларда ҳам ишларни ташкил этишга хизмат қилади".

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ўхшаш янгиликлар

Оммабоп