Echo

Ўзбекистон тижорат банкларида энг фойдали автокредитлар рейтинги (2025)

“Иқтисодий шарҳ” журнали таҳририяти 2025 йил апрель ойи ҳолатига кўра Ўзбекистонда аҳолига берилаётган энг қулай автокредитлар шарҳини тайёрлади.

Рейтингни тузишда кредит шартлари – бошланғич тўлов, фоиз ставкаси, муддат ва кредит суммаси каби омиллар ҳисобга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йил учун мавжуд статистик маълумотларига кўра, банклар томонидан автокредитлар учун жами 17 084,5 млрд сўм маблағ ажратилган.

Айни пайтда 35 та тижорат банкидан атиги 24 тасида расмий даромадга эга бўлган жисмоний шахсларга бирламчи бозорда автомобил сотиб олиш учун кредитлар таклиф этилмоқда.

Айни пайтда жисмоний шахслар учун бирламчи бозорда автотранспорт воситаларини харид қилиш учун: “АВО Банк”, “Окто Банк”, “Смарт Банк”, “ЎзКДБ Банк”, “Ҳаёт Банк”, “Капитал Банк”, “Давр Банк”, “Узум Банк”, “Янги Банк”, “ТБC Банк” ва “Садерат Банк” автокредитлар ажратмаяпти ёки автокредитлар бериш вақтинча тўхтатилган.

Баъзи банкларда автомобил қийматининг 15%гача депозит қўйиш, гаров, суғурта полиси ёки кафиллик талаблари мавжуд. Шунингдек, фоиз ставкалари автомобил нархидан дастлабки тўловга қараб ўзгаради.

Шунингдек, тижорат банклари “Ўзавто” компанияси билан ҳамкорликда махсус шартларда, фоиз ставкаси 5,99%дан 21%гача, муддати 5 йилгача бўлган автокредитлар бераётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Натижаларга кўра, жисмоний шахслар учун фойдали автокредитлар рейтингида “Алоқа банк” биринчи ўринни эгаллади. Бунга йиллик фоиз ставкаси 25%, бошланғич тўлов 25%, 5 йиллик муддат ва 1 миллиард сўмгача бўлган кредит маблағлари ёрдам берди.

Натижаларга кўра, “Турон банк” рейтингда иккинчи ўринни эгаллади. Банк автокредитларни қуйидаги шартларда тақдим этади: йиллик фоиз ставкаси – 25%, бошланғич тўлов 25%, кредит муддати – 60 ой ва кредитнинг максимал миқдори 750 миллион сўмгача.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, “Гарант банк” ва “Халк банк” 3-ўринни эгаллаб, автомобил кредитларини қуйидаги шартларда тақдим этади: йиллик фоиз ставкаси - 25%, бошланғич тўлов - 25%, кредит муддати - 60 ой ва кредитнинг максимал миқдори - 600 млн.сўм.

*Ҳисоб-китоблар Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг методологияси асосида амалга оширилди

Рейтингда умумий рейтингда 26-ўринни эгаллаб турган “Универсал Банк” автокредитлар ажратиш учун қуйидаги шартларни белгилаб қўйган: бошланғич тўлов 25%, йиллик фоиз ставкаси 34%, кредит муддати 60 ой, кредит қиймати 600 млн сўмгача.

“Анор Банк” 27-ўринни эгаллаб, ушбу банк ўз мижозларига қуйидаги шартларда автокредитларни таклиф этади: йиллик фоиз ставкаси – 33%, бошланғич тўлов – 40%, кредит муддати – 60 ой ва максимал кредит миқдори - 400 млн.сўм.

Айрим тижорат банкларида фоиз ставкаларининг -2% дан +1% оралиғида ўзгариши кузатилмоқда, шунингдек, ўртача йиллик ставка Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг 2024 йил сентябрь ойидаги (28,6%) шарҳига нисбатан жорий йилнинг апрель ойида камайди ва 28%ни ташкил этди.

Қайд этиш жоизки, жисмоний шахсларга автокредитлар бўйича бирламчи бозорда автотранспорт воситаларини сотиб олиш бўйича энг паст ставка банклар томонидан 25 фоиз, энг юқори ставка эса “Универсал Банк” (34 фоиз) ва “Анор Банк” (33 фоиз) томонидан тақдим этилган.

Маълумотлар тижорат банкларининг веб-сайтларидан олинган, кредитлаш шартлари ўзгариши мумкин. Қўшимча маълумот олиш учун банк веб-сайтига ташриф буюришингиз мумкин.

Муҳаммаджон Рашидов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази